phone Ишонч телефон рақами: (78) 150-89-55

Маълумот учун: (78) 150-89-56

Андижонда “Интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича Хитой тажрибаси” мавзусида республика семинари бўлиб ўтмоқда.

    Президентимизнинг 2019 йил 16-17 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш, балиқчилик соҳасини ривожлантириш, мазкур йўналишда илғор хорижий технология ва усулларни кенг жорий этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда аҳолига тайёр ва ярим тайёр балиқ маҳсулотлари етказиб беришга ихтисослашган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича берган топшириқларидан келиб чиқиб ташкил этилган семинарда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, унинг ҳудудий бўлимлари мутасаддилари, Қорақолпоғистон Республикаси, шунингдек, республикамиз вилоятларида фаолият юритаётган ҳамда хорижий мамлакатлардан таклиф қилинган мутахассислар, балиқчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари, “Ипотека-банк” АТИБ, “Ипотека-лизинг”, “Ипотека-сармояси” масъулияти чекланган жамиятлари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди. 



       Семинарда мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, ютуқ ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди, хорижлик мутахассисларнинг балиқчиликни ривожлантиришга оид маърузалари тингланди, иштирокчилар интенсив усулда балиқ етиштираётган қатор хўжаликлар фаолияти билан бевосита танишди. Интенсив усулда балиқ етиштиришнинг Хитой тажрибаси ҳақида маълумотлар олди. 

       Андижон вилоятида ўтган йили 12 минг тонна балиқ етиштирилган бўлса, жорий йилда аҳолига 15 минг тонна луқмаи ҳалол етказиб бериш белгиланган. Таъкидлаш жоизки, вилоятда балиқчиликни ривожлантириш, мазкур йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки вилоят филиали томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.



    Семинарда Германия, Польша, Франция, Словения сингари хорижий давлатлардан ташриф буюрган мутахассисларнинг “Ўзбекистон балиқчилиги учун Aller aqua компанияси технологияси асосида оқсилга бой омухта ем ишлаб чиқаришни ривожлантириш”, “Польша ички балиқчилик институтида Осётр балиғи турини кўпайтиришда турли тизимларни қўллаш усуллари”, “Дабе” (Франция) наслчилик хўжалиги тажрибаси асосида Хон балиқ туридан икра олишни йўлга қўйиш”, “Карп оиласига мансуб балиқ турини етиштиришда прессланган озуқа емидан фойдаланиш” сингари қатор мавзулардаги маърузалари тингланди. 



      Шу ўринда балиқчилик йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи чоғида ўтказилган мажлис баёнига тушган лойиҳалар бўйича 2019 йил давомида 208 та мижозга 642,9 млрд.сўм кредит ажратиш белгиланган бўлиб, шундан 204 та лойиҳага 603,5 млрд.сўм миллий валютада, 4 та лойиҳа 4 629 минг АҚШ доллари хорижий валютада берилади.

      Жорий йилнинг 1 июн ҳолатига 322 та лойиҳага 236 млрд.сўмга кредит линиялари очилиб, 164,1 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 85,6 млрд.сўмга ёки 209 фоизга кўп демакдир.



         Семинар бугун ўз ишини якунлайди.

On-line маслаҳатчи
Қўнғироқни буюртма қилиш